Шавкат Мирзиёев «Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади, деб ёзади UzDaily. Лойиҳа Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Ҳужжатга мувофиқ, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги қошидаги Maroqand Obod давлат унитар корхонаси лойиҳани амалга оширади. Кредитлар ва грантлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, шунингдек, лойиҳага ажратилган кредитларни ёпиш ҳам Maroqand Obod’га юклатилган.
Лойиҳани амалга ошириш муддати — 5 йил, яъни 2017 йилдан 2021 йилгача. Лойиҳа доирасида янги биореактор полигони яратилади, у ерга биогазни тутиш ва қўллаш бўйича янги тизимлар ўрнатилади.
2016 йилнинг 19 декабрь куни Франция тараққиёт агентлиги билан Самарқанд шаҳридаги қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш лойиҳаси доирасида қиймати 23,5 миллион долларлик кредит битими имзоланганди. Унинг ёрдамида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта тиклаш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш орқали Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини модернизация қилиш имкони яратилади.
Изоҳ (0)