Москва—Қарши йўналишидаги 995-сонли авиарейс билан Қарши халқаро аэропортига учиб келган Отаниёз Махматқуловнинг (исм-шарифлар шартли) қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли ноутбук хотирасида 10 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланди. Бу ҳақда «Дарё»га Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Отаниёз эндигина 16 ёшга тўлган. Яқинлари доимий равишда Россия Федерациясида ишлаганликлари боис у Москва шаҳридаги мактабларнинг бирида таҳсил олиб, ўқиш давомида ушбу ноутбукдан мунтазам равишда фойдаланган. Қизиғи шундаки, унга тегишли бўлган ноутбукдан оила аъзолари ҳам фойдаланган. У билан биргаликда учиб келган отаси Жўра Махматқуловдан нима сабабдан эътиборсизликка йўл қўйгани сўралганда, у бу «матоҳ»га тушунмаслиги, шу сабабли эътибор бермаганини баҳона қилди.
624-сонли авиарейс билан Қарши халқаро аэропортига Москва шаҳридан учиб келган Шерзод Раҳимовнинг ўзи ва қўл юклари белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли қўл телефони ҳамда ноутбук хотирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган қарийб 600 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланди.
О.Махматқулов ва Ш.Раҳимовга нисбатан тегишли суд органлари қарорлари билан жарима жазолари тайинланиб, ашёвий далил сифатида олинган қўл телефони ва ноутбуклар давлат эгалигига ўтказилди.
Изоҳ (0)