13 июль куни Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасида 15 июль куни Туркияда рўй берган муваффақиятсиз ҳарбий тўнтаришга бағишланган тадбир уюштирилди. Бу ҳақда «Дарё»нинг ўз мухбири маълум қилди.
Тадбирга Туркиянинг TRT телеканали ҳамда Ўзбекистон МТРК ходимлари таклиф этилди. Шунингдек, мамлакатнинг етакчи газеталари ва интернет-нашрлари мухбирлари суҳбат учун тўпланди.
Матбуот анжуманини Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмат Башар Шен очиб берди. У ташриф буюрганларни қутлаб, тадбир мавзусига кириш қилиб берди.
Шундан сўнг Anadolu агентлиги томонидан тўнтариш ҳақида тайёрланган кичик видеолавҳа, шунингдек, ўша кунларда Туркиянинг турли шаҳарларида олинган фотосуратлар намойиш этилди.
Журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, элчи мухолиф сиёсатчи Фатҳуллоҳ Гулен томонидан яратилган халқаро жиноий тармоқ Туркиядан бошқа давлатларда ҳам фаолият юритишини ҳамда биринчи бўлиб Ўзбекистон ундан келаётган таҳдидни тушуниб, тармоқнинг мамлакатда илдиз отишига ҳеч қандай имкон бермаганини таъкидлаб ўтди.
Тадбир иштирокчиларига террорнинг мудҳиш оқибатларини кўрсатувчи эсдалик сифатида исёнчилар томонидан ўққа тутилиб, вайрон қилинган парламент биносидан тўпланган синиқлардан намуналар туҳфа этилди.
Изоҳ (0)