Америкалик мактаб ўқувчи Тедди Фишер АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттиснинг телефон рақамини топиб унга қўнғироқ қилибгина қолмай, Мэттисдан 45 дақиқали интервью олишга ҳам муваффақ бўлди. Бу ҳақда New York Post газетасига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Унинг маълумотларига кўра, Вашингтонда истиқомат қиладиган ёш йигитча Washington Post газетасининг 11 май сонидаги суратда Пентагон раҳбарининг телефон рақамини кўриб қолган. Суратда АҚШ президенти Дональд Трампнинг соқчиларидан бири — Кит Шиллер бир боғлам қоғозни олиб кетаётганини, унда Мудофаа вазирининг исми ва телефон рақами кўриниб қолганини пайқаш мумкин бўлган.
Кейинроқ, сурат газетанинг сайтидан ўчириб ташланган, бироқ Фишер уни кўришга улгуриб қолган. «Буларнинг барчаси мўъжизалар майдонини эслатади», — деди у вазир билан бўлиб ўтган интервьюдан сўнг маҳаллий телеканаллардан бирига.
Аввалига йигитча Мэттисга интервью беришини сўраб матнли хабар жўнатган. Асли вашингтонлик бўлган вазир бунга рози бўлган. Интервью Фишер ўқийдиган мактаб газетасида чоп этилган.
Унда Мэттис доим мактаб ўқувчиларига ёрдам беришини ва ўз тажрибасини улар билан бўлишини тан олган. New York Post маълумотларига кўра, Меттис суҳбатда бир қатор ташқи сиёсий масалалар ҳақида гапирган. Хусусан, у АҚШ собиқ президенти Барак Обама давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг гапларига қулоқ осганида кўпроқ муваффақиятга эришган бўлар эди, дея таъкидлаган. Шунингдек, Мэттис агарда АҚШ Афғонистон, Сурия ёки бошқа мамлакат болаларининг Америка мактабларида йиллик ўқиши пулини тўлаб берганида радикал мафкуралар тарқалишига қарши кураш осонроқ кечган бўларди, дея қўшимча қилган.
Изоҳ (0)