Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманини 2017—2019 йилларда ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қабул қилинган дастурга мувофиқ туманда кўп сонли қурилиш майдонлари вужудга келди. Янгисини бузмай туриб, эскисини бузма ҳикмати гўёки яқин ўтмишда қолиб, унинг ўрнини бошқа: янги қуриш учун, эскисини бузиш керак деган ҳикмат эгаллагандай, дейилади «Nuz.uz» материалида.
Юз йиллар давомида турган, зилзилаларга бардош берган ва тегишлича таъмирланса, яна бир неча аср хизмат қилиши мумкин бўлса-да, бинолар бузишга ҳукм қилинмоқда.
Шаҳарсозлик нуқтаи назаридан қимматли ҳисобланган объектлар ҳам бузиш режасига киритилганлигига Мирзо Улуғбек тумани Ф. Хўжаев кўчасига боргандан сўнг амин бўлдик. У ерда республикадаги энг қадимий илмий муассасалардан бири — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика ва автоматика институти жойлашган. Институт 2016 йилнинг ёзида «Ўзбекэнерго» АЖ Илмий-техник марказига айлантирилган эди. Бизни бу ерга қадимий бинонинг бузилиши ҳақидаги ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар олиб келди.
Эски бинонинг қарама-қаршисидаги яп-янги ёки эвроуслубда қайта таъмирланган бинода Бузиш бўйича штаб жойлашганлиги гувоҳи бўлдик.
Тошкент жамоатчилиги ўтган юз йиллик архитектура санъатининг ўзига хос тарихга эга бўлган ва ҳақиқий маданий қийматни ифодаловчи ноёб намунаси бузиш режасига тушиши мумкинлигидан хавотирда.
Бир асрдан кўпроқ вақт аввал Тошкентнинг Европа қисми марказида иккита: Александров ва Кауфман етимхоналари жойлашган. Кауфман етимхонаси Никольский қишлоғига туташ ер участкасига эга бўлган. 1912 йилнинг ёзида ушбу ер участкасида етимхонанинг янги биноси қурилишини режалаштириш бўйича махсус қўмита ташкил этилди. 1913 йилнинг 22 сентябрида қурилиши бошланган Тошкент Кауфман болалар етимхонаси 1916 йилнинг 13 декабрида ишга тушди.
1917 йилнинг октябридаги тарихий ҳодисалардан сўнг Кауфман етимхонаси ёпилди, бироқ 1918 йилдаёқ унда етим болалар учун тажриба-меҳнат коммуна мактаби ташкил этилди. Мактабда рус, ўзбек, қозоқ, туркман, украин, арман ва бошқа миллат болалари тарбияланган. Коммунани битирувчилари орасида буюк олимлар, шифокорлар ва рассомлар бор.
Ён кириш биноларидан бирида ўтган юз йилликнинг 20—30 йилларидан буён сақланиб келган фрескаларни ҳозир ҳам кўриш мумкин. Бино атрофида асрлардан буён сақланиб келаётган чинорлар. Бир сўз билан айтганда, бино Тошкентнинг диққатга сазовор жойларидан бири ва уни бузиш-бузмаслик масаласини муҳокама қила туриб, ушбу қадимий бинони авлодлар учун сақлаб қолиш ҳақида сўз юритиш мумкин холос.
1940 йилда академик муассасалар яқинида Фанлар академияси ташкил этилди. Кейинчалик Энергетика ва автоматика институтига айлантирилган Энергетика институти илмий муаммолар бўйича ишланмалар ва энергетика соҳасидаги тадқиқотларни мувофиқлаштириш билан шуғулланар эди.
2016 йилда институт 75 йиллигида у яна қайта шакллантирилди ва у ўз биносини тарк этиши маълум бўлди. Институтнинг қайта ташкил этилиши ва кўчиши у 75 йил давомида эгаллаб турган ноёб бинонинг бузилишини кўзда тутмаслигига ишонгимиз келади.
Пойтахт нашрлари журналистлари 10 июль куни ҳокимият раҳбариятига учрашиб, уларга туман реконструкцияси режалари кўрсатилиши ва бузиш режасига тушган объектлар ҳақида маълумот олиши мумкин деб ўйлаймиз. Тошкентнинг архитектуравий диққатга сазовор биноси экспертлар таклиф қилиниб, давлат томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхатига киритилиши мумкин.
Изоҳ (0)