Кипр давлатининг бирлашиши бўйича Швейцариянинг Кран-Монтана шаҳрида ўтган музокараларнинг навбатдаги раунди муваффақиятсиз якунланди. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш баёнот берди, деб хабар қилади «Корреспондент.net».
Музокаралар чоғида муаммоларга сабаб бўлган асосий масалалар кафил ҳокимиятлар тизими ҳамда Туркия ҳарбийларининг оролдан олиб чиқиб кетилиши бўлди. Анқара 35 минг кишилик контингентининг катта қисмини халқаро ҳамжамият тан олмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетишга ҳозирлигини билдирди. Аммо у шарт сифатида контингентнинг қолган қисми оролда камида 15 йил туришини, Туркия эса кафил ҳокимият мақомини сақлаб қолишини талаб қилди.
Кипр ва Греция расмийлари эса турк ҳарбийларининг оролдан бутунлай олиб чиқиб кетилишини талаб қилмоқда ҳамда Евроиттифоқ давлатлари кафил ҳокимиятларга муҳтож эмаслигини уқтирмоқда.
Январь ва апрель ойларида ўтган музокаралар ҳам самарасиз якунланган эди.