5 июль куни Petya.A вируси яратувчиларининг биткоин-ҳамёнидан барча пуллар — 10 минг долларга яқин маблағ ечиб олинди. Бунга қадар вирус муаллифлари ўзларининг борлигини билдирмай келаётган эди, деб хабар беради Meduza.
Пулларни олиб бўлгач, улар PasteBin сайтида эълон қолдирди. Унга кўра, хакерлар 100 биткоин эвазига (250 минг доллардан ортиқ пул) барча зарарланган компьютерларни очиш паролларини тақдим этади.
The Motherboard портали журналистлари хакерлар билан боғланиб, улар ҳазиллашмаётганини аниқлади.
NotPetya номи билан машҳур бўлган Petya.A вируси 27 июндан эътиборан бутун дунё бўйлаб компьютерларни зарарлай бошлади. Дастлаб бу ҳолат Украина компанияларининг компьютерларида қайд қилинди. Секин-аста вирус Европанинг кўплаб давлатларида ҳам ўзини намоён қила бошлади.
Вирус ҳар бир зарарланган компьютер эгасидан биткоинларда 300 доллар ўтказишни, почта орқали буни тасдиқлашни талаб қилар эди. Бироз муддатдан сўнг бу почта манзили ишламай қолди. Компьютер хавфсизлиги соҳаси экспертларининг фикрича, аслида вирус яратувчилари товламачилар эмас, балки диверсантлар бўлиб, уларнинг асосий мақсади пул ишлаш эмас, максимал зарар етказиш бўлган. Аммо ҳозирга келиб вирус муаллифлари катта миқдорда пул талаб қилмоқда.
Шу билан бирга, айрим экспертларнинг фикрича, ҳеч қандай парол барча компьютерлардаги маълумотларни эскисидай тиклаш имконини бермаслигини айтмоқда. Негаки вирусдаги хатолар бир мегабайтдан ортиқ ҳажмга эга ҳужжатларни қайта тиклаш имконини бермайди.
Изоҳ (0)