Тошкентда Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг халқаро ҳамкорлиги мавзуига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари халқаро федерацияси президенти Т. Коное, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти раиси Ҳ. Каримов ва бошқалар ушбу тадбир доирасида журналистлар билан мулоқот қилди. Улар Ўзбекистонда аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини муҳофазалаш, тиббий маданиятини янада юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасида Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг халқаро алоқалари кўлами кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари халқаро федерацияси президенти Тадатеру Коное 29 июнь куни Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти фаолияти билан танишиш мақсадида мамлакатга келган эди. Ташриф давомида Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш, Фавқулодда вазиятлар вазирликларида учрашувлар ўтказди. Мартабали меҳмон пойтахтдаги Темурийлар тарихи давлат музейи экспонатлари билан танишди.
Тадбирда Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари халқаро федерацияси билан ҳамкорлик ҳолати, сўнгги йилларда амалга оширилган йирик лойиҳалар ва истиқболдаги вазифалар хусусида маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Изоҳ (0)