Қариликка қарши курашиш муаммоси билан борган сари кўпроқ компаниялар шуғулланмоқда. Инвесторлар бу ғояга ишониб, унга жиддий маблағлар кирита бошлади, деб ёзади Forbes.
1 июнь куни Стенфорд университети олими Жесси Кармазиннинг чиқиши Америка ОАВларида катта шов-шувларга сабаб бўлди. У Ambrosia стартапи 35 ёшдан катта барча истовчиларни организмни ёшартириш мақсадида 25 ёшдан кичик кишилар қон плазмаларини қуйдиришга таклиф қилди. Муолажа қиймати — 8 минг доллар. Унинг сўзларига қараганда, бу муолажани асосан 50—60 ёшда бўлган 80 дан ортиқ киши қабул қилган, улар орасида 90 дан ошганлари ҳам бор. Кармазин муолажа қимматлигини харажатларни қоплаш зарурати, биринчи навбатда, АҚШ қон банкларидан «ёш» плазмаларни харид қилиш зарурати билан асослайди.
Мазкур тадқиқотларга келиб чиқиши немис бўлган америкалик миллиардер, PayPal асосчиларидан бири Питер Тил қизиқиш билдирди.
Фирибгарликми? Кармазин бундай эмаслигини таъкидлайди (у ҳали 35 ёшга кирмаган). Шунчаки, қонуний клиник тадқиқот — расмий келишув ёшартиришни ваъда қилмайди, аксинча беморларга муолажадан кейинги икки йил давомида соғлиғи ҳолати бўйича тестлардан ўтиш мажбуриятини юклайди.
Шунга қарамасдан, Кармазин қон плазмаларини қуйиш қариликни чекинишга мажбур қилишига ишонади. У Стенфордда ўн йилдан ортиқ вақт давомида қон қуйиш самарасини сичқонларда ўрганди ва бу усул кемирувчиларда иш беришига ишонч ҳосил қилди.
Кўплаб фармацевтика компаниялари, шунингдек, кичикроқ стартаплар саратон, Алсгеймер хасталиги, юрак-қон томир хасталиклари ва қандли диабетга қарши дорилар ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Бу хасталикларни бир нарса — ёш ўтиши билан уларнинг юзага келиш эҳтимоли кескин ошиши уйғунлаштириб туриши олимларни ўйлантирмоқда. Шунинг учун уларни «кекса ёш хасталиклари» гуруҳига бирлаштиришди. Шу онда ўзига жалб этадиган фикр юзага келади: балки бу хасталикларнинг умумий сабаби бордир?
Ёш ўтиши билан юзага келадиган ҳолсизлик ва организм қаршилик кўрсатиш қобилиятининг камайиши «табиий» ҳолат бўлмасдан, даволаш мумкин бўлган касаллик бўлса-чи?
Қариликка қарши курашиш билан кимлар шуғулланаётгани ва улар бунга қанча маблағ сарфлаётгани билан қуйида танишишингиз мумкин.
Компания: Cаlicо (АҚШ)
Инвестор: Google ва АbbVie
Инвестиция ҳажми: 1,5 миллиард доллар
Cаlicо 2013 йилда Google компанияси томонидан ташкил этилган. Янги ташкилотга онкологик хасталиклар бўйича мутахассис ва Genentech собиқ бош директори Артур Левинсон раҳбарлик қилди. 2014 йилда Cаlicо ва Американинг биотехнология билан шуғулланувчи AbbVie компанияси қўшма корхона ташкил этиши ҳақида эълон қилди. Унга ҳар бир компания 750 миллион доллардан инвестиция киритиш мажбуриятини олди. Асосий мақсад — қариш генетикасини ўрганиш ва келажакда инсон ҳаётини узайтириб, кекса ёш хасталиклари, ҳатто кексаликнинг ўзини ҳам енгишга ёрдам берувчи дорилар ишлаб чиқиш.
Буларга қандай қилиб эришилиши ҳозирча сир тутилмоқда.
Alphabet бош директори Ларри Пейж Cаlicо олдида турган вазифалар кўламини «инсонни Ойга юбориш» билан қиёслади.
Компания: Novartis
Инвестор: Novartis
Инвестиция ҳажми: номаълум
Швейцариянинг улкан фармацевтик компанияси Novartis 1980 йилларнинг ўрталаридан буён маълум бўлган рапамицин ҳосилаларини тадқиқ этмоқда. У орган кўчиришда тўқималарнинг битиб кетмаслиги ҳолатларини камайтириш учун кенг қўлланилган. Кейинроқ у сичқонларда қариш аломатларини тўхтатиш қобилиятига эга эканлигини тасдиқловчи тадқиқот пайдо бўлди.
2014 йилда чоп этилган тадқиқот натижалари эверолимуснинг (рапамицин ҳосиласи) кичикроқ дозалари кекса беморларда иммун тизими фаолиятини яхшилашини намойиш этди.
Компания: Gеrо (Россия)
Инвестор: хусусий инвесторлар
Инвестиция ҳажми: 2 миллион доллар
Физик Пётр Федичев бошчилигидаги олимлар жамоаси математик моделлаштириш ёрдамида қариш олдини олувчи воситани топишга уриниб кўришга қарор қилди. Олимларга саратонга қарши дори воситасини ишлаб чиқиш бўйича бошқа стартап — Quantum Pharmaceuticals’даги муваффақиятли тажрибаси ёрдам бермоқда.
Геро компанияси биобанклардан соғлом ва бемор кишилар тўқималари намуналарини харид қилиб, уларнинг биокимёвий таҳлилини рақамли шаклга ўтказади ва компьютер моделларида қариш жараёнини секинлаштириш имконини берувчи турли таъсир кўрсатиш усулларини синаб кўради. Бундай ёндашув тадқиқотни анча тезлаштириш имконини беради.
Компания: Unity Biotechnology (АҚШ)
Инвестор: Amazon асосчиси Жефф Безос ва бошқалар
Инвестиция ҳажми: 116 миллион доллар
Unity Biotechnology организмни сенесцент (қариган) ҳужайралардан «тозалаш» усулларини тадқиқ этади. Вақт ўтиши билан ҳужайралар бўлинишни тўхтатади, уларда моддалар алмашинуви жараёни тезлиги секинлашади ва ўзгаришлар (мутация) тўплана бошлайди. Организмнинг иммун тизими улардан халос бўлиб боради, бироқ вақт ўтиши билан кексайган ҳужайралар миқдори ошиб боради ва турли хасталиклар юзага келиш хавфини оширади.
2016 йил охирида Unity олимлари сичқонларда ўтказилган тадқиқот натижаларини эълон қилди. У атерослеротик тошмаларнинг юзага келиши сичқон организмида кексайган ҳужайралар мавжудлиги билан боғлиқ эканлигини кўрсатди. Компания томонидан яратилган дори воситаси организмни ушбу ҳужайралардан тозалашга ёрдам бериб, атеросклероз ривожланиши жараёнини тўхтатиб, уни ҳатто орқага қайтарди.
Компания: «Тартис-старение» (Россия)
Инвестор: Сколково, RBK
Инвестиция ҳажми: 750 миллион рубль атрофида
Москва давлат университети вирусология кафедраси битирувчиси Андрей Гудков иштирокида асос солинган мазкур компания ҳам организмни кексайган ҳужайралардан тозалаш усулларини қидириш билан шуғулланади. Компания ушбу асосда простата бези гиперплазиясини даволаш учун мўлжалланган Рапатар дори воситасини ишлаб чиққан. Восита ҳайвонларга нисбатан қўлланганда юқори самарадорлик кўрсатган, бу эса ушбу йўналишдаги кейинги тадқиқотларга йўл очади.
Изоҳ (0)