Суматра оролининг шимолидаги тропик ўрмон билан танишиб юрган бир гуруҳ туристларга ёш орангутан дуч келди. Ҳайвон саёҳатчилардан бирининг қўлини ушлаб ноодатий тарзда ўз дўстлигини намойиш қилди, деб хабар берди National Geographic.
Шундан сўнг орангутан гуруҳнинг бошқа аъзоси — ёш аёлга эътибор қаратди. Аёл эса ўз навбатида орангутан унга чўзилишга мажбур бўлмаслиги учун ерга ўтирди.
Бироқ «саломлашиш» тезда тугамади. Аёл секинлик билан қўлини тортишга ҳаракат қилган, бироқ примат уни қўйиб юборишни истамаган. Туристлар маймунга меваларни таклиф қилганидан сўнггина янги «дугона»сини қўйиб юборган.
Туристлар орангутан егулик ундириш мақсадида шундай ҳаракат қилди деган тахминда, бироқ мутахассисларнинг фикри бошқача. Уларнинг фикрича, маймун одамлар орасида, бирор-бир реабилитация марказида катта бўлган ва озодликка қўйиб юборилган. Шу сабабли у инсонлардан қўрқмайди.
Бунга яна бир далил сифатида орангутаннинг ерда юрганини ҳам мисол қилиб келтириш мумкин. Табиатда бу турдаги маймунлар асосий вақтини дарахтларда ўтказади. Бунинг устига орангутанлар одам яқинлашганида овозли сигнал беради, юқоридаги ҳодисада бундай бўлмаган.
Изоҳ (0)