Германия ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэль ва Австрия канцлери Кристиан Керн энергетика соҳасида Россияга қарши санкцияларнинг кучайтирилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини танқид остига олди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Биринчи навбатда, биз Европа энергия таъминоти билан шуғулланувчи Европа корхоналарига таҳдид туғилаётганини кўрмоқдамиз», — дейилади сиёсатчиларнинг қўшма баёнотида.
Шунингдек, ҳужжатда айтилишича, санкцияларнинг кучайтирилиши Европа компанияларининг иқтисодий манфаатларига зид келиши ҳамда Европа ва АҚШ муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Қонун лойиҳаси АҚШ президентига Россия томонидан экспорт қувурларининг қурилишига бир мартада 1 миллион доллар киритган ёки шу мақсадларда ускуна, технология ва хизматлар тақдим этган шахсларга нисбатан санкциялар жорий этиш ҳуқуқини беради. Бундай транзакцияларнинг йил давомидаги умумий суммаси 5 миллион долларни ташкил этади.
Шунингдек, қонунга кўра, АҚШ «Шимолий оқим 2» лойиҳасининг амалга оширилишига тўсқинлик қилади.
Изоҳ (0)