Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби» мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқи доирасида икки томонга ҳам ёқаман деб ҳаракат қиладиган раҳбарлар ва имомларни уларнинг «номер»лари ўтмаслигидан огоҳлантирди.
Халқаро терроризм ва диний экстремизм муаммоларига тўхталар экан, давлат раҳбари Ўзбекистонда қонун устуворлиги таъминланишига алоҳида урғу берди.
«Шу муносабат билан бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: Ўзбекистонда давлат давлатчилигини қилади, қонун устувор бўлади. Худога шукур, давлат раҳбари сифатида буни таъминлашга менинг кучим ҳам, билимим ва салоҳиятим ҳам албатта етади. Бу ҳақиқатни ҳеч ким, ҳеч қачон эсидан чиқармасин», — деди у.
«Халқимизда ‘Икки кеманинг бошини тутган ғарқ бўлади’, деган мақол бор. Қайси раҳбар, қайси имом-хатиб у томонга ҳам, бу томонга ҳам ёқаман, деб иш кўрмоқчи бўлса, қаттиқ адашади. Бизга бундай иккиюзламачи, мунофиқ одамлар мутлақо керак эмас», — сўзида давом этди Президент.
«Мусулмончилик ҳар биримизнинг юрагимизда, виждонимизда бўлиши лозим. Инсон имон-эътиқодли бўлса, юртига содиқ бўлиб хизмат қилса, у ҳақиқий ватанпарвар бўлади. Агар у эътиқодсиз бўлиб, чаласавод бўлиб, хиёнат қилиб, боя айтганимдек, икки томон билан ҳам ‘ўйин’ қиламан, бу давлат кетса, анавилар келиб қолса, улар билан ҳам тил топишаман, деб найранг қиладиган бўлса, билиб қўйинглар, бундай ‘номер’лар бизга ўтмайди», — таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)