Россиянинг Челябинск шаҳрида истиқомат қилувчи Татьяна Туганова маҳаллий соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлими ҳамда перинатал марказ устидан судга арз қилди. Шикоятда айтилишича, 30 йил муқаддам ушбу туғруқхонада унинг янги туғилган қизалоғи алмаштириб қўйилган. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Шикоят бўйича дастлабки эшитувлар 12 июлга мўлжалланган.
Туганова томонидан тарбияланган қиз — Екатерина ижтимоий тармоқлар орқали аёл 3 миллион рубль миқдорида товон пули талаб қилаётганини ҳамда ушбу пулларни қийин вазиятда қолган биологик қизи Люцияга беришни режалаштираётганини маълум қилди.
Екатеринанинг ёзишича, у ва Люция туғруқхонада алмашиб қолган. Люция бошқирд оиласининг тарбиясини олган, аммо унинг ҳаёти бир текис кечмаган: оила отаси славянча қиёфага эга қизни кўриб, рафиқасини ҳиёнатда гумон қила бошлаган. У бир қишлоқдошини қизининг ҳақиқий отаси деб ўйлаб, уни рашк устида ўлдириб қўйган. Бир неча йилдан сўнг Люциянинг онаси ичкиликдан қазо қилган, қиз эса меҳрибонлик уйида қолиб кетган.
Ҳозирда Люция эшитиш қобилиятини йўқотган ногирон, негаки ота-онаси болалигида уни даволамаган, хасталик эса қизнинг қулоғига ва эшитиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатган.
Изоҳ (0)