Владимир Путин америкалик режиссёр Оливер Стоунга берган интервьюсида Россияни бошқариш ва мамлакат учун масъулиятни ўз зиммасига олиш қарорини қандай қабул қилгани тўғрисида гапирди, деб ёзади «РБК».
Давлат раҳбари айтишича, у 1999 йилда Россиянинг ўша вақтдаги президенти Борис Ельциннинг ҳукуматни бошқариш ва кейинчалик давлат раҳбари лавозимига номзодини қўйиш таклифига дарҳол розилик бермаган. «Бу борада бир қарорга келиш мен учун осон бўлмаган, чунки, шу жумладан, ўз оилам хавфсизлигини ўйлаганман», — деди у.
«Мен бу жуда катта масъулият эканлигини, бу бутун ҳаётимни ўзгартириб юбориши мумкинлигини ва бунга тайёр эканлигимга ишончим комил эмаслигини айтдим», — деди Путин.
«Ўша пайтда Россия учун масъулиятни ўз бўйнига олиш — жуда қийин иш эди. Ва очиғини айтганда, мен президент Ельциннинг менга нисбатан якуний режалари қанақа эканлигини билмасдим, бу фаолиятим қанча давом эта олишини ҳам билмасдим, чунки ҳар қандай лаҳзада менга келиб, бўшсан, дейишлари мумкин эди. Ва ўшанда мен фақат битта нарса ҳақида — болаларимни қаерга яшириш ҳақида ўйлардим», — деди президент.
Изоҳ (0)