Ўзбекистон ва Афғонистон 2017 йил охирига қадар ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини 1 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев Ўзбекистон ва Афғонистон президентларининг ШҲТ Остона саммитидаги учрашуви якунларига кўра баёнот берди, деб хабар қилади UzDaily.
«Бугунги кунда ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини шу йил якунларига кўра камида 1 миллиард долларга етказиш учун барча захира ва имкониятлар мавжуд», — таъкидлади Ғаниев.
Вазирнинг таъкидлашича, икки давлат президентлари Ўзбекистондан Афғонистонга узоқ истиқболли етказмалар ҳажмини кенгайтириб, йилига 300 минг тонна минерал ўғитлар, 2 минг қишлоқ хўжалиги техникаси бирлиги, 250 минг тонна буғдой ва бошқа маҳсулотлар етказилишини таъминлашга келишиб олди.
Шавкат Мирзиёев ва Ашраф Ғани Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлининг лойиҳалаштирилиши ва қурилишини имкон қадар тезроқ бошлаш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Айтилишича, ушбу йўл Афғонистон шимоли-ғарбида транспорт-иқтисодий коридорини яратиш имконини беради.
Элёр Ғаниев, шунингдек, икки давлат савдо ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик масаласида келишув тайёрлаётганини билдирди. Унинг фикрича, бу ҳужжат мамлакатлар ўртасидаги товар айланмасини оширишга хизмат қилади.
Изоҳ (0)