Аризона университети шифокорлари турли вақтда уйғониш юрак хасталиклари юзага келиши хавфини оширишини аниқлади. Бу ҳақда «Наука.тв» хабар бермоқда.
Олимлар мазкур хавфни фоизларда баҳолашга муваффақ бўлди — ҳар бир қўшимча уйқу соати юрак хасталикларига чалиниш имконини 11 фоизга оширади.
Шунингдек, аризоналик мутахассислар томонидан олинган натижалар иш кунлари ва дам олиш кунлари уйқу режимининг ўзгариши кайфият ва тетикликка салбий таъсир қилишини тасдиқлади.
Буни аниқлаш учун олимлар сўровномасида 22 ёшдан 60 ёшгача бўлган 984 нафар кўнгилли иштирок этди. Улар одатда қай пайтда ухлаши ва қайси вақтда уйғониши, уйқуга ўртача қанча вақт ажратиши ҳақидаги саволларни ўз ичига олган махсус «уйқу анкетаси»ни тўлдирди.
Шундан сўнг олимлар ҳар бир кўнгилли учун уйқу соатларини ҳисоблаб чиқиб, уйқучилик, чарчоқ, уйқусизлик ва юрак-қон томирлари хасталиклари мавжуд-мавжуд эмаслигини ҳисобга олиб, тадқиқот иштирокчиларини кўздан кечирди.
Натижалар 2015 йилда Питтсбург университетида ўтказилган тадқиқот хулосалари билан деярли мос тушди. Тадқиқотда 30 ёшдан 54 ёшгача бўлган кўнгиллилар қатнашган эди.
Ўшанда иш кунлари ва дам олиш кунлари ўртасидаги уйқу режимида катта фарққа эга бўлган одамлар соғлиғи билан боғлиқ муаммолардан кўпроқ азият чекиши аниқланди. Уларда, шунингдек, қон томирлари шикастланиши олдини олувчи «яхши холестерин» даражаси паст эканлиги аниқланди.
Изоҳ (0)