БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 10 июнь куни Қорақалпоғистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрига ташриф давомида БМТ раҳбарига Орол денгизи муаммоси ҳақида қисқача тақдимот ўтказилган. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган суратларда тақдимот «Экоҳаракат» раҳбари Борий Алихонов томонидан ўтказилганини кўриш мумкин.
БМТ бош котиби вертолётда Нукусдан Мўйноққа жўнаб кетган, у Орол денгизининг қуриган ўрни ва ҳозирда мавжуд қисмини ҳаводан туриб томоша қилган.
«Антониу Гутерриш Мўйноқда Орол денгизининг ‘кемалар қабристониъни бориб кўрди, маҳаллий аҳоли, оқсоқоллар билан мулоқотда бўлди», — дейилади БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати томонидан тарқатилган ахборотда.
Изоҳ (0)