Етакчи араб давлатлари Қатар билан дипломатик алоқаларни тиклаш учун бажарилиши лозим бўлган талаблар рўйхатини тузмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Айтилишича, Саудия Арабистони, БАА, Миср ва уларнинг иттифоқчилари Қатар ҳукумати экстремистик ташкилотларни молиялаштирилиши тўхтатилишининг кафолатларига эга бўлмоқчи. Жумладан, Қатар «Мусулмон биродарлар» уюшмаси билан алоқаларини узиши талаб этилмоқда.
Ниҳоят, Қатарга Al Jazeera телеканали фаолияти миқёсини жиддий тарзда қисқартириш тавсия этилмоқда.
Муқаддам қатор араб давлатлари Қатар билан дипломатик алоқаларни узди. Улар қаторига бошқа давлатлар қўшилиб бормоқда. Жумладан, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Миср, БАА, Яман, Ливия, Мальдив ороллари, Маврикий ва Комор ороллари Қатар билан дипломатик алоқаларини узган эди. Сенегал маслаҳатлашувлар учун Қатардаги элчисини чақириб олди. Ўз навбатида, Қатар араб давлатларининг дипломатик алоқаларни узиш ҳақидаги қарорини ноўрин деб баҳолади. Қатарга қарши санкциялар жорий этилиш эҳтимоли мамлакат аҳолисини озиқ-овқат захираларини тўлдиришга мажбур қилмоқда.
Бундан ташқари, Эрон Қатарга ўз ҳаво ҳудудида парвозлар амалга оширишга рухсат берди.
Изоҳ (0)