Филиппин ҳукумат қўшинлари мамлакат жанубида «Маute» гуруҳининг 120 нафарга яқин жангарисини йўқ қилишга эришди. Улардан яна юз нафарга яқини қуршаб олинган ва ҳафта охирига қадар таслим бўлиши лозим. Бу ҳақда мамлакат қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Эдуардо Анога таяниб, The Straits Times газетаси маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Ҳарбий бошлиқ жангарилар Марави шаҳри чегараларида яширанаётгани, шунинг учун шаҳар ландшафтини ҳисобга олганда уларни йўқ қилиш бўйича операция қийинлашганлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, унинг сўзларига қараганда, террорчилар қуршаб олинган ҳудуд бўйлаб профессионал снайперларни жойлаштирган бўлиб, бу ҳам аскарларга ҳудудни тозалашга тўсқинлик қилмоқда.
Шу билан бирга, Бош штаб раҳбари бир неча кун ичида шаҳарда террорчилар қолмаслигига ишонч билдирди.
Минданао провинциясида аксилтерорчилик операцияси бошлангандан буён ҳарбийлар ва полициячиларнинг йўқотишлари 38 кишини ташкил этди.
Операция бирлашган қўмондонлигининг вакили подполковник Жо Эррейра Маравининг озод қилинган туманларидан биридаги бинодан 1,6 миллон доллар топилганлигини маълум қилди. Бу эса жангариларни халқаро террорчилар молиявий қўллаб-қувватлаганлигидан гувоҳлик беради.
Изоҳ (0)