Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежи директори ва унинг икки ўринбосари ўз лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғига асосланиб, UzNews хабар бермоқда.
Ўз вазифасидан озод қилинган Лутфи Юсупова Боровский коллежига 2008 йилдан бери директорлик қилиб келаётган эди. Ундан ташқари, директорнинг ўқув ишлари бўйича муовини Ҳилола Бўрихўжаева ва маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Везира Ҳасанова бўшатилган.
Эслатиб ўтамиз, 1 июнь куни Боровский номидаги коллеж 2-курс ўқувчиси Жасурбек Иброҳимов оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этди. Хабарларга кўра, у 3 май куни бўлган муштлашувда оғир жароҳат олган.
Ҳодиса юзасидан коллежнинг 2-курс ўқувчиси Исломбек Тўлаганов қамоққа олинган, тергов ишлари Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев томонидан шахсан назоратга олинган.