Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига гидрометеорология хизмати маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги йирик ва ўта муҳим сув хўжалиги объектлари техник аҳволи ва иш хавфсизлиги устидан назорат ва кузатиш бўйича давлат инспекцияси, кичик ҳажмли кемалар бўйича давлат инспекцияси, шунингдек, Фанлар академияси сейсмология институти сейсмик кузатувлар хизмати ўтказилди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
Бу ўзгаришлар Президент томонидан 1 июнь куни имзоланган Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонда назарда тутилган.
Шу муносабат билан ФВВнинг янги асосий вазифалари белгилаб берилди. Жумладан, эндиликда идора:
тинчлик ва уруш вақтида табиий ва техноген характердаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф қилиш тизими соҳасидаги ягона давлат сиёсати реализациясини, гидрометеорология ривожини, гидротехник иншоотларнинг барқарор ишлашини, сейсмик кузатувларнинг олиб борилишини, кичик ҳажмли кемаларнинг хавфсиз ишлатилишини, сув объектларида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таъминлаш;
фавқулодда вазиятлар юзага келиши омиллари ва таҳдидларини олдиндан аниқлаш, уларнинг юзага келишини олдиндан профилактика қилиш ва уларнинг олдини олиш сингари вазифаларни бажаради.
ФВВда фавқулодда вазиятлар бўйича қўшимча бўлинмалар, шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келиш таҳдиди баланд шаҳар ва туманларда қутқарув отрядлари яратилади.
Бундан ташқари, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф қилиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия раҳбари Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосаридир. Шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимиятларида тегишли ҳудудий комиссиялар ташкил этилди.
Комиссия вазифалари сирасига ҳар йили фуқаролик мудофааси (баҳор мавсуми) ҳамда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш (куз мавсуми) ойликларини ўтказиш киради. Комиссия социал-иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимоя, авариялар, ҳалокатлар, табиий офатларда жабр кўрган фуқаролар, шунингдек, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилишда иштирок этган шахсларнинг тиббий реабилитацияси масалаларида давлат ҳокимияти ҳамда фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Ҳужжат билан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф қилиш тизими самарадорлигини ошириш, кадр салоҳиятини ўстириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда фан ва техника ютуқларини жорий этиш, шунингдек, ФВВ моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Фармон ижроси учун Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинди.
Изоҳ (0)