Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Сўнгги вақтларда Дональд Трамп атрофида юзага келган можаролар — ФҚБ раҳбарининг лавозимидан четлатилиши, махфий маълумотларнинг Россия ташқи ишлар вазирига етказилиши сабабли АҚШ ОАВлари президентга импичмент хавф солаётгани ҳақида мушоҳада юритишига сабаб бўлмоқда. Ҳатто 17 май куни президентнинг эҳтимолий импичменти масаласи Конгрессда ҳам муҳокама қилинди — Вакиллар палатасининг аъзолари президентни ҳокимиятдан четлатиш таклифи билан чиқди. АҚШда импичмент жараёни ўзи қандай тузилгани ва унинг амалга ошиш эҳтимоли қанчалик юқори? Meduza нашри ушбу саволларга жавоб излади.

Фото: Meduza

Фото: Meduza

Импичмент нима?

Импичмент — юқори лавозимли шахслар (губернаторлар, вице-президент, президент)ни ҳокимиятдан четлатиш бўйича АҚШ конституциясида назарда тутилган жараёндир. Конституцияга мувофиқ, агар президент жиноят содир этганликда гумон қилинса, уни шунчаки суд қилиб бўлмайди. Дастлаб Конгресс айблов учун етарлича асос бор ёки йўқлиги ҳақида қарор қабул қилиши керак. Агар асос етарли бўлса, давлат раҳбари ҳокимиятдан четлатилади.

Бу анчагина мураккаб жараён ва импичмент якунда давлат раҳбари ҳокимиятдан четлатилишини англатмайди. Фақат Вакиллар палатаси юридик қўмитанинг тавсияси бўйича бу жараённи бошлаш ҳуқуқига эга. Тавсиядан сўнг импичмент масаласи овозга қўйилади. Депутатлар давлат раҳбарига нисбатан айбловни муҳокама қилади ва кўпчилик овоз билан уни ҳукуматдан четлатиш учун асос бор ёки йўқлиги аниқланади. Агар Вакиллар палатаси импичмент учун овоз берса, иш Сенатга юборилади. Сенатда Олий суд судьяси раислигида юқори палата аъзолари суд ўтказади ва айбловни кўриб чиқиб, президентни ҳокимиятдан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилади. Президентнинг ҳокимиятдан кетиши учун сенаторларнинг камида учдан икки қисми овоз бериши керак.

Президенти нима учун ҳукуматдан четлатиш мумкин?

Америка конституциясида импичмент тартибида тергов қилинадиган жиноятларнинг жуда бир умумий таърифи келтирилган. Асосий қонуннинг иккинчи моддаси тўртинчи қисмида шундай дейилади: «Президент, вице-президент ва бошқа мансабдор шахслар давлатга хиёнат, порахўрлик ва бошқа жиддий жиноятлар ва қонунбузарлик айблови билан ўз лавозимидан импичмент тартибида четлатилиши мумкин».

«Бошқа жиддий жиноятлар» айнан нимани англатиши мумкинлиги ҳақида аниқ жавоб йўқ. Амалиётда бу масала Конгресснинг ихтиёрида қолмоқда. Масалан, 1970 йилда АҚШнинг бўлажак президенти Жералд Форд (ўша вақтда Вакиллар палатасида озчилик етакчиси), агар Вакиллар палатасининг кўпчилиги импичмент учун овоз берса, ҳар қандай жиноят учун импичмент қўллаш мумкин, деб эълон қилган.

Дональд Трамп нимада айбланиши мумкин?

Баъзилар Дональд Трампнинг Исроил разведка маълумотларини Сергей Лавровга тақдим этгани билан боғлиқ жараёнда давлатга хиёнат аломатларини кўраётган бўлса-да, президентга нисбатан бунчалик жиддий жиноятни юклаш қийин масала. Чунки, АҚШ конституциясига кўра, «АҚШга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш ёки АҚШ душманларига ёрдам ва кўмак бериш» давлатга хиёнат саналади. Америка нашлари кўпинча Россияни душман ёки рақиб деб атайди, конституцияда эса гап, асосан, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этадиган томонлар ҳақида боради. Шунга асосан, рус дипломати билан разведка маълумотларини улашган Дональд Трамп қонунни аслида умуман бузмаган.

«Одил судловга тўсқинлик қилиш айблови нисбатан жиддийроқ кўринган бўлар эди», — дейилади ФҚБ собиқ раҳбари Жеймс Комининг лавозимидан бўшатилиши билан боғлиқ хабарларда. Ишдан бўшатилишнинг расмий сабаби сифатида ФҚБ раҳбарининг Ҳиллари Клинтоннинг электрон ёзишмалари билан боғлиқ ишни текшириш жараёнидаги хатти-ҳаракатлари кўрсатилган. Бироқ ФҚБ раҳбарининг лавозимидан кетиши Трамп атрофидагиларнинг Россия билан алоқаларини текшириш ишига алоқадор бўлиши мумкин, деган тахминлар бор. ФҚБ раҳбарининг лавозимидан кетганидан сўнг маълум бўлишича, Жеймс Коми Адлия вазирлигидан иш бўйича қўшимча маълумотлар сўраган, айни вақтда, Трамп Комидан президентнинг хавфсизлик бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси Майкл Флинни кузатишдан бош тортишни сўраган. Майкл Флинн унинг Россия элчиси Сергей Кисляк билан алоқалари ҳақидаги хабарлардан кейин истеъфога чиқишга мажбур бўлган.

Импичмент жараённинг бошланиши қанчалик ҳақиқатга яқин?

Бугунги кунда жараённинг бошланиш эҳтимоли анчагина кам. Импичмент умиди энг кўп Дональд Трамп билан муроса қила олмаётган АҚШ оммавий ахборот воситаларини илҳомлантирмоқда. Трампни ҳокимиятдан четлатиш зарурати гапирган ягона конгрессмен Вакиллар палатасининг аъзоси Демократлар партиясидан бўлган техаслик сиёсатчи Эл Грин бўлди, холос. Парламентнинг икки палатасида ҳам кўпчиликни ташкил этадиган ва президент партиясидан бўлган республикачилар Трампнинг ҳукуматдан кетиши бўйича ҳеч қандай хоҳиш билдирмаган. Амалда эса айнан уларнинг қўллаб-қувватлашисиз импичментни амалга ошириб бўлмайди.

17 майда сенатор Жон Маккейн Трампнинг ҳокимиятдан четлатилиши ҳақидаги саволга жавобан бу мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлади. «Биз ҳар куни янги сюрпризларни кўряпмиз, бироқ айни вақтда бундай ёндашув мақсадга мувофиқ эмас. Мен кўплаб одамлар импичментга  чақирувларни  жиддий қабул қилмайди, деб ўйламайман», — деди сенатор ўз жавобида.

Республикачилар ҳам Трамп атрофидагиларнинг Россия билан алоқаларини текшириш бўйича мустақил айбловчининг тайинланишини қўллаб-қувватлади. 17 май куни бу лавозимга ФҚБнинг собиқ раҳбари Роберт Мюллер тайинланди. Бироқ ҳозирча бу текширув президентнинг шахсан ўзига ҳам дахл қилишига доир ҳеч қандай далил йўқ.

Изоҳ
Асосий янгиликлар