Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, бош котиби Ван Чен билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқа.
Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланаётганини, бунда икки давлат раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 11–13 май кунлари Хитойга давлат ташрифи ўзаро стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга кўтарди.
Хитой делегацияси аъзолари Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, фракциялари ва депутатлик гуруҳлари фаолияти билан таништирилди. Ўзбекистон ва Хитойнинг қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишлари, ахборот-таҳлилий фаолият, икки мамлакат соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда халқаро анжуманлар ташкил этишга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Олий Мажлис Сенати ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси ўртасида 2011 йилда имзоланган ҳамкорлик тўғрисида меморандум ўзаро алоқалар ривожида муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди. Ҳар томонлама изчил ривожланиб бораётган стратегик ҳамкорликдан келиб чиққан ҳолда ушбу ҳужжатни янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Парламентлараро муносабатларни ривожлантиришнинг жорий босқичи юқори баҳоланиши таъкидланди, ўзаро манфаатли масалалар юзасидан фикр, тажриба ҳамда ахборот алмашиш жараёнини янада фаоллаштиришга келишиб олинди.
Изоҳ (0)