Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида Ўзбекистон Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари иштирокида сайёр қабуллар ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Сайёр қабулларда юридик ва жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига мурожаатлари кўриб чиқилди, уларнинг натижалари таҳлил этилди. Турли вазирлик ва давлат қўмиталари, ҳуқуқ тартибот органлари, маҳаллий ҳокимликлар масъул ходимлари иштирокида ўтказилган қабуллар чоғида ҳар бир мурожаат юзасидан мутасаддилар жавоблари эшитилиб, муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топилди.
Каттақўрғон шаҳридаги сайёр қабулда Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳри аҳолиси томонидан йўлланган 150 га яқин мурожаат атрофлича кўриб чиқилиб, аксарияти ижобий ҳал этилди.
Самарқанд шаҳридаги сайёр қабулда Самарқанд, Жомбой ва Булунғур туманлари аҳолиси томонидан йўлланган 100 дан ортиқ мурожаат натижалари масъул идоралар вакиллари иштирокида таҳлил этилди.