Бишкекда Первомайск тумани Жиноят қидирув бўлими ходимлари 4 май куни фирибгарликда гумонланаётган Вячеслав А.ни ҳибсга олди. У 2008 йилдан буён қидирувда эди. Бу ҳақда Бишкек ИИББ матбуот хизмати маълумотига таяниб, «1news.uz» хабар бермоқда.
Вячеслав А. пойтахтлик фуқаронинг ишончига кириб, Ўзбекистондан Қирғизистонга газ етказиб бериш баҳонасида уни лойиҳа учун пул ажратишга кўндирди.
«Жабрланувчи ўз уйида Вячеславга ўн минг доллар берди. Гумонланувчи ўн минг етмаслиги баҳонасида ундан яна 22 минг доллар олади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
2008 йилнинг мартида Вячеслав Ўзбекистондан жабрланувчига қўнғироқ қилиб, қўшимча саккиз минг доллар зарур эканлигини маълум қилган. Жабрланувчи пулларни банк орқали юборган. Жиноятчи бошқа харажатларни рўкач қилиб, яна тўрт минг долларни қўлга киритган.
Шу тариқа, жабрланувчига жами 44 минг доллар моддий зарар етказилган. Ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган. Қўлга олинган шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳ (0)