Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 апрелдаги «Хоразм вилоятида паррандачиликни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан вилоятда инкубацияларда йилига камида 1 миллион бош жўжа ва камида 200 минг бош тухум йўналишидаги товуқ парваришлашни ўз ичига оладиган паррандачилик мажмуасини ташкил этилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қарорда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги, «Ўзсаноатқурилишбанк» ҳамда муассис ташкилотларнинг масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «Хоразм наслли парранда» паррандачилик мажмуини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Паррандачилик мажмуи 2017 йилда Хива туманида деҳқон хўжаликлари ва аҳолини ўртача 100 бошдан ёш парранда, қафас ва омухта ем билан таъминлаш механизмини жорий этади. 2018—2019 йилларда ушбу тажриба Хоразм вилоятининг бошқа туманларида ҳам йўлга қўйилади.
Мажмуа вилоятнинг ҳар бир туманида паррандачилик хўжаликларига ветеринария хизматлари кўрсатиш бўйича марказларни босқичма-босқич ташкил этиш вазифасини бажаради.
Омухта ем, витаминлар, премикслар ва қўшимчалар таркибини кенгайтириш ҳамда сифатини ошириш ҳисобига паррандачилик тармоғининг озуқа базасини шакллантириш ва ривожлантириш мажмуа фаолияининг йўналишларидан бири ҳисобланади.