Хитой полицияси онлайн-платформа орқали санъат асарларининг сохта савдоси ёрдамида 1 миллиард юань (145 миллион доллар) тўплашга эришган йирик фирибгарлик тармоғини фош этди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Global Times нашрига кўра, полиция бир пайтнинг ўзида Шэньчжэнь, Дунгуань, Хойчжоу ва Шэньян шаҳарларида кенг кўламли махсус операциялар ўтказди ва 371 нафар гумонланувчини қўлга олди.
Терговчиларнинг аниқлик киритишича, савдолар бошдан-оёқ қалбаки бўлган, чунки фирибгарлар ўзлари сотувга қўйган бирон бир буюмга эгалик қилмаган. Бироқ бу уларга фойдаланувчилар амалга оширган операция ва битимлардан улуш олишларига халақит бермади.
Онлайн-платформа 2016 йил октябридан бери фаолият кўрсатиб келган. Шу пайтгача 8 мингдан ортиқ киши фирибгарлар қурбони бўлган.