АҚШ Мудофаа вазирлиги Афғонистонга яна қўшимча куч юборишни ўз ичига олган янги ҳаракатлар режасини тақдим этди. Бу ҳақда CNN телеканалига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Маълумотларга кўра, Пентагон Афғонистонни «мушкул аҳволдан олиб чиқиш»га йўналтирилган режани АҚШ президенти Дональд Трампга кейинги ҳафта таклиф қилмоқчи.
Баъзи ОАВларнинг маълум қилишича, гап Афғонистонга яна 3 минг ҳарбийни жўнатиш ҳақида кетмоқда.
Оқ уй ушбу режани маъқуллаган тақдирда, ёрдамчи кучларни Афғонистонга юборишда НАТО бошчилигидаги маҳаллий ҳарбийлар ва полицияни ўқитиш ҳамда «Толибон»га қарши курашишда ёрдам кўрсатиш миссияси ҳам иштирок этади.