Жанубий Кореяда рўйхатларда қайд этилган сайловчиларнинг деярли 5 дан бир қисми мамлакатда бўлиб ўтаётган президентлик сайлови учун муддатидан аввал овоз беришда иштирок этди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Миллий сайлов комиссиясига кўра, маҳаллий вақт билан соат 12:00 ҳолатига 6,56 миллион киши ёки овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 16,8 фоизи овоз беришга улгурди. Бу ўтган йилги парламент сайловларига нисбатан бирмунча кўп: ўшанда муддатидан олдин овоз беришдаги кўрсаткич 12,2 фоизни ташкил этганди.
Муддатидан аввалги овоз бериш мамлакатдаги 3,5 минг сайлов участкасида бўлиб ўтмоқда ва 18:00 да якунланади. Унда у ёки бу сабабларга кўра 9 майда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида қатнаша олмайдиган барча сайловчилар иштирок этиши мумкин.
Овоз берилган барча бюллетенлар муҳрланган сейфларда сақланади ва сайловлар якунланганидан кейингина очилади.