Ўзбекистон Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари томонидан Қашқадарё вилояти Миришкор туманида сайёр қабул ўтказилиб, унда аҳоли мурожаатлари тингланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«2007 йилда туман ҳокимининг қарори билан тўрт ўғлимнинг номига уй-жой қуриш учун 24 сотих ер ажратилган эди, — деди Муборак туманидан Ҳалим Пирназаров. — Ўтган вақт мобайнида бу ерни обод қилдим, 200 тупдан зиёд мевали дарахт кўчатлари экдим, парваришладим. Ўғилларимга уй-жой қурдим. Шунча вақт ўтиб, яқинда туман архитектура бўлими вакиллари келиб, бу ердан йўл ўтади, шунинг учун ерни бўшатинглар, деди. Бунинг устига бошқа жойдан ҳеч қандай ер ҳам таклиф қилишмади.
Ҳозир мен шу ерда оилам билан яшайман, тўрт ўғлимга уй-жой қурганман. Ўғилларимнинг ҳаммаси оилали. Шу боис мавжуд ҳолат юзасидан Президентимизнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган эдим. Бугунги сайёр қабулда бу масала ечимини топадиган бўлди. Вилоят ҳокимининг ўзи уйимга бориб, вазиятни чуқур ўрганиб, адолатли қарор чиқаришга ваъда берди. Тўғриси, шу ёшга кириб, катта-катта раҳбарлар билан бундай очиқ ва бемалол дардингни айтадиган тадбир бўлганини эшитмаганман».