Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида табиий газ тармоғидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Юнусобод туман бўлими томонидан “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “М.4.” оилавий корхонаси раҳбари Х.М. ва бошқалар мактабгача таълим муассасаси биносини ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, жами 1,2 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Худди шундай, департаментнинг Чуст туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда “Ч.М.” хусусий корхонаси раҳбари М.М. ҳамда ЯТТ Б.Х. темирни қайта ишлаш цехи ва новвойхонани ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги газ тармоқларига ўғринча улаб, жами 295 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Апрель бошларида Сурхондарё вилоятининг Денов, Қашқадарё вилоятининг Муборак ҳамда Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилганди. Шунингдек, Андижонда 1,3 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ишлаб чиқариш цехи аниқлангани тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)