Дубай полицияси амирликда болалар ва ўсмирларни ўз жонига қасд қилишга ундовчи виртуал ўйинлар тарқалгани, шунингдек, ўзини ўлдириш ҳолатлари ҳам қайд этилгани ҳақидаги маълумотларни инкор этди. Бу ҳақда UAE inside хабар бермоқда.
Полиция шу тариқа WhatsApp мобил дастури орқали юборилаётган хабарга муносабат билдирди. Унда ота-оналар болаларни ўзига жисмоний зарар етказиш, ҳатто жонига қасд қилишга ундовчи виртуал ўйин (биринчи галда «Кўк кит» ўйини) хавфидан огоҳлантирилган.Дубай полицияси кибержиноятчилик департаменти директори Саид ал-Хожирийга кўра, ҳуқуқ-тартибот идораларига бу каби ўз жонига қасд этишлар ҳақида хабарлар келмаган. Амирлик ёшлари «Кўк кит» ўйинига қизиқиш билдираётган деб ҳисоблашга ҳам асос йўқ.
Шундай бўлса-да, полиция бунга йўл қўймаслик мақсадида ижтимоий тармоқларни назорат қилишда давом этмоқда.