ИШИД ва «Ал-Қоида» тарафдорлари мулоқот учун ўз қурилмаларини яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқи полиция хизмати директори Роб Уэйнрайт Лондондаги хавфсизлик бўйича конференцияда маълум қилди, деб хабар бермоқда «РБК».
Қайд этилишича, АҚШ, Бельгия, Греция, Польша ва Португалия мутахассислари томонидан 48 соат давомида ўтказилган махсус операция натижасида экстремистларнинг интернет-коммуникация соҳасида иш олиб бораётгани аниқланган. Мутахассислар 52 ижтимоий медиаплатформада экстремистик тармоқнинг 2000 дан зиёд элементи борлигини аниқлади.
«Ушбу операция доирасида ИШИД ўз мақсадларида фойдаланиш учун ижтимоий медиада ўзининг платформасини, интернетда ўзининг шахсий қисмини ишлаб чиқаётгани аниқланди», — деди Уэйнрайт.
Европол раҳбари экстремистлар мулоқот учун шахсий интернет-платформани ривожлантириш орқали ахборотнинг ташқарига чиқиб кетиши ва махсус хизмат томонидан фош қилинишининг олдини олишга ҳаракат қилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу тадбир террорчиларнинг ҳақиқатан ҳам мулоқотга киришиши ва тарғибот олиб боришининг самарадорлигини оширади.
«Биз, албатта, бу борада уларнинг ишини қийинлаштирдик, бироқ биз улар ҳамон қўрқинчли видеоларни жойлаштириб, интернетдан алоқа учун кенг фойдалана олаётганини кузатяпмиз», — деди полиция хизмати раҳбари.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)