Австралиянинг Квинсленд штати олий суди судьяси Энн Лайанс ҳукм ўқиш чоғида наркодилерни мақтади. Судья у ўз ишларини яхши олиб борганини таъкидлади, деб хабар беради Meduza.
18 ёшли Броуди Гэри Саттерли 2015 йил июнида қўлга олинган эди. Полициячилар у наркотик сарҳушлик ҳолатида эканлигини пайқаб, унинг машинасида тинтув ўтказди ва гиёҳванд моддалар топди. Жиноятчининг телефонини ўрганиш натижасида улар йигит метамфетамин сотишини аниқлади.
Саттерли ўз фаолиятини ташкил этишга ниҳоятда жиддий ёндашгани маълум бўлди: у мижозларга чегирмалар таклиф қилар, «маҳсулот» сифатидан нолиганларга пулларини қайтарар эди. Шунингдек, дилер прейскурант тузиб, харидорларнинг фикрларини ўрганиб борар, маҳсулотни реклама қилар ҳамда бизнес юритиш стратегиясини муҳокама қилиш мақсадида учрашувлар ўтказар эди.
Ҳукмни ўқиш чоғида судья Лайанс Саттерли «яхши кўникмалар» намойиш этганини тан олди.
«Тушунарлики, бу яхши бизнес эмас, лекин яхши бизнес-модель. Сиз бизнесда муваффақиятга эриша оласиз, шу боис ақллисиз», — деди судья айбланувчига.
Наркодилер уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, аммо уни шу заҳотиёқ жавобгарликдан озод қилди. У суд ва тергов давом этган икки йил давомида гиёҳванд моддалар истеъмол қилмагани ва қонун бузмагани бунга асос бўлди.
Изоҳ (0)