Россиянинг Калининград шаҳрида «Исломий жиҳод» халқаро террорчилик ташкилотига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган 12 нафар шахс орасида экстремистик йўналишдаги жиноят содир этганлиги учун Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирувга берилган гуруҳ етакчиси ҳам борлиги аниқланди. Бу ҳақда, Россия Федерал хавфсизлик хизмати ахборотига асосланиб, «1news.uz» хабар бермоқда.
Қўлга олинган шахс Калининград вилояти аҳолиси, шунингдек, Марказий Осиё минтақасидан келган фуқароларни террорчилик ташкилоти сафига оғдириш фаолияти билан шуғулланган.
«Ҳозирда жиноятчи халқаро террорчилик ташкилотининг фаолиятида қариндошларининг иштироки ҳақида кўрсатма бермоқда. Бундан ташқари, гуруҳ етакчисининг Сурия ҳудудидаги ноқонуний қуролли тузилмаларга алоқаси ҳам аниқланиб, текширилмоқда», — дейилади ФХХ ахборотида.
Қўлга олинган 12 шахснинг бари Марказий Осиё респуликаларидан эканлиги айтилмоқда. Яқин вақт ичида улар ўз мамлакатларига топширилади ва террорчилик йўналишида содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)