Forbes нашрининг Россиядаги бўлими россиялик миллиардер Алишер Усмонов мисолида муқобил фуқаролик ёки бошқа мамлакатда истиқомат учун берилган гувоҳномадан фойдаланиб, Россияда солиқларни тўламасликка ҳамда автоматик молиявий ахборот алмашинуви доирасида чет эл банкларидаги ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотлар узатилмаслигига қандай эришиш мумкинлигини тушунтириб берди.
2016 йилда Россия ваколатли солиқ органлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида кўп томонлама битимни имзолади. Шу тариқа, Россия жисмоний шахслар ва ташкилотларнинг молиявий ҳисоблари тўғрисидаги ахборотни автоматик тарзда айирбошлаш жараёнига қўшилишга рози бўлди.
Молиявий ахборотни айирбошлаш банк ёки бошқа молиявий институт мижозининг фуқаролигига эмас, солиқ резидентлигига асосланади. Иккинчи фуқаролик ёки истиқомат учун гувоҳнома олиш орзуингиздаги мамлакатга доимий яшаш учун бориш имконини беради, аммо сиз шунга қарамай Россияда яшаб қолсангиз, солиқ нуқтаи назаридан ҳеч нарса ўзгармайди. Сиз ҳисобларингизни очган Швейцария ёки Англия банклари улар ҳақида Россияга ахборот узатмаслиги учун, сиз солиқ резидентлигини ўзгартиришингиз ва бу фактни банкирларга ҳужжатлар билан исботлашингиз керак.
Россиялик миллиардер Алишер Усмонов 2016 йилда Швейцариянинг 300 нафар энг бой одамлари рўйхатига кирган эди. Бу Усмонов Швейцарияда истиқомат учун гувоҳномага эга ва унинг солиқ резиденти эканлигини билдиради. Бир вақтнинг ўзида у Россиянинг солиқ резиденти ҳамдир. Бу мумкинми? Албатта мумкин ва на Россия, на Швейцария қонунчилигига зид келади. Агар Алишер Усмонов ўз солиқ юкини камайтирмоқчи бўлса, у Россия ва Швейцария ўртасидаги икки марта солиққа тортилиш тўғрисидаги битимнинг қоидаларидан фойдаланиши мумкин, шунда у Россияда тўлаган солиқларнинг бир қисми Швейцарияда ҳисобга олинади ва аксинча. Ёки Алишер Усмонов иккала мамлакатда ҳам солиқларни тўлиқ ҳажмда тўлаши мумкин — бу қарорни солиқ тўловчи сифатида унинг ўзи қабул қилади.
Изоҳ (0)