Ўзбекистон Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматининг Яшнобод туманидаги қабулида уй-жой билан боғлиқ қатор арзлар тингланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Жумладан, қабулда икки ёш фарзандини етаклаган, чақалоғини қўлига кўтариб олган Зилола Тўлаганова уйсиз қийналиб кетганини билдирди.
«Оиламиз билан ота-онамникида доимий рўйхатда турганмиз, — деди З.Тўлаганова. — Уйимиз бузилишидан олдин шарт-шароитимиз ўрганилиб, ота-онамга алоҳида, бизнинг оиламизга алоҳида уй берилиши айтилганди. Лекин уйимиз бузилганда ўзим туғруқхонада эдим. Керакли идораларга бориб учрашишга имконим бўлмади. Оқибатда уйсиз қолиб кетдим. Кейин бориб қилган илтимосларим инобатга олинмади. Шунинг учун Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим».
Зилоланинг мурожаати тегишли идоралар масъул ходимлари иштирокида кўриб чиқилди. Бу масалада махсус комиссия тузилиб, ҳақиқий вазият чуқур ўрганилиши, талаб ўз исботини топса, унинг оиласи уй билан таъминланиши билдирилди.
Сайёр қабулга Шайхонтоҳур туманидан келган бир аёл бундан бир неча йил аввал акаси фирибгар тузоғига тушиб, уйсиз қолгани, шу масалада ёрдам зарурлигини билдирди. Маълум бўлишича, унинг акаси уйини бошқа бир шахсга «кейин сизга янги уй олиб бераман», деган қуруқ гапига ишониб ўзи хатлаб берган. Ушбу масала ҳам суд тартибида кўриб чиқиладиган бўлди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)