Франция махсус хизматлари ўтказган текширув ишлари якунларига кўра Суриянинг Хон Шайхун шаҳрида Сурия ҳукумати кимёвий қурол сифатида зарин моддасини қўллаганини аниқлади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эро маълум қилди, деб хабар беради «Коммерсант.ru».
«Шубҳа йўқки, Сурия режими жавобгардир, негаки қўлланилган зариннинг тайёрланишида ўзига хослик бор, — таъкидлади у. — Ишлаб чиқариш услуби режимга хос жиҳатларга эга бўлиб, унинг ҳужум учун жавобгарлигини аниқлаш имконини беради».
Ўз навбатида, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Франция ташқи ишлар вазирининг баёноти Кремлнинг бу воқеага муносабатини ўзгартирмаслигини билдирди.
«Кремль ва президент Путин илгаригидек Идлиб яқинида рўй берган воқеалар юзасидан ҳақиқатни аниқлашнинг ягона йўли холис халқаро текширувдир деб ҳисоблайди», — маълум қилди у.
Изоҳ (0)