Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланди, деб хабар беради ЎзА.
Санъат ҳафталиги тадбирларида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган ижодкорлар, мусаввирлар, халқ амалий санъати усталари, дизайнерлар, ҳайкалтарошларнинг ўзаро ижодий мулоқоти учун қулай шароит яратилади. Айни пайтда фестиваль тадбирлари, турли кўргазмалар, тақдимот маросимлари, ижодий танловлар давомида янгидан-янги истеъдод соҳибларини аниқлаш, уларнинг ижод намуналари билан яқиндан танишиш имконияти пайдо бўлади.
Фестиваль доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар зали, Тошкент Фотосуратлар уйи, Халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод мемориал боғ-музейи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида устоз-шогирд анъаналарининг бардавомлиги, баҳор, бугунги тинч ва осойишта кунлар, халқ кайфияти, руҳияти, эзгу орзу-интилишларини акс эттирувчи асарлардан иборат қизиқарли бадиий кўргазмалар бўлиб ўтади.
Фестиваль кунлари «Энг яхши ўқув муассасаси», «Энг яхши мураббий», «Энг яхши тасвирий санъат асари», «Энг яхши амалий санъат асари», «Энг яхши кўргазма», «Энг яхши маҳорат дарси» танловлари ҳам ўтказилади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)