«Ўзекспомарказ»да «Дам олиш дунёси — 2017» халқаро сайёҳлик кўргазмаси бошланди, деб хабар беради ЎзА.
Анжуман Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Миллий туризм маҳсулотларини тарғибот қилиш маркази томонидан Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.
«Дам олиш дунёси»да ички ва халқаро туризм, илмий ва соғломлаштириш туризми, сайёҳлик маъмуриятлари ва миллий офислар, туризм агентликлари ва туроператорлар, меҳмонхоналар, санаторий-курорт мажмуалари, дам олиш масканлари, авиаташув, транспорт ва суғурта компаниялари, онлайн брон қилиш тизимлари каби бўлимлар ишлаб турибди.
Халқаро сайёҳлик форумида Ўзбекистонга сайёҳларни янада кенг жалб қилиш борасида чет эллик мутахассислар билан ўзаро фикр алмашилмоқда, ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Хорижий сайёҳлик компаниялари, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликка оид қатор битимлар имзоланмоқда.
Хусусан, кўргазманинг биринчи кунида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлиги ўртасида сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга оид ҳужжат имзоланди.
Тадбир доирасидаги Hosted Buyers («Профессионал харидорлар») дастури учрашувларида 50 дан зиёд хорижий компаниялар раҳбар ва менежерлари Ўзбекистондаги сайёҳлик йўналишлари билан танишиш, тажриба алмашиш, ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзаро манфаатли шартномалар тузиш, сайёҳлар алмашинувини фаоллаштириш имконига эга бўлмоқда.
Кўргазма доирасида Tashkent Food Festival миллий таомлар фестивали ҳам очилди. Унда пойтахтнинг 50 га яқин ресторан ва кафелари, Андижон, Жиззах, Навоий, Наманган, Хоразм вилоятларининг соҳага оид сайёҳлик фирма ва компаниялари тақдимотлари ўтказилмоқда.
Фестивальда қаҳва тайёрлаш усуллари бўйича маҳорат дарслари ўтказилади. Иштирокчилар чой ва қаҳванинг олий навлари, уларни тайёрлаш ва узатиш маданияти, техника ва ускуналари билан танишиш имконига эга бўлади.
Бешинчи маротаба ўтказилаётган кўргазмада Бельгия, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Испания, Италия, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Россия, Сингапур, Таиланд, Туркманистон, Туркия, Франция, Хитой, Япония, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон каби мамлакатлардан 200 га яқин фирма ва компания вакиллари иштирок этмоқда.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)