Миллий матбуот марказида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси матбуот анжумани ўтказди, деб хабар беради ЎзА.
Анжуманда Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида савдо-логистика марказлари ишга туширилгани, ўтган йили амалга оширилган 420 миллион долларлик лойиҳалар эвазига қарийб 4,5 минг иш ўрни яратилгани ҳақида ахборот берилди. Келгусида Ангор, Тўрақўрғон, Жиззах, Булунғур, Боғот туманларида логистика марказлари ташкил этиш чоралари кўрилаётгани қайд этилди.
Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон миллий саноат кўргазмасида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси тизимидаги 90 дан зиёд корхона ҳам фаол қатнашгани таъкидланди. Маълум қилинганидек, кўргазмада жорий йил учун 300 миллион, 2018 йил учун эса 100 миллион долларлик шартномалар имзоланди. Россия билан эса жорий йил учун 600 миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш борасида келишиб олинган.
Шунингдек, 2017—2018 йилларда умумий қиймати 144,1 миллион долларга тенг бўлган 254 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши эътироф этилди.
Тадбирда жорий йилнинг биринчи чораги натижаларига кўра, холдинг таркибидаги ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига ихтисослаштирилган «Ўзагроэкспорт» 101,8 минг тонна мева-сабзавотни экспортга чиқаргани ҳақида айтиб ўтилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,7 минг тонна кўп демакдир.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)