Футбол бўйича Ироқ миллий терма жамоаси бош мураббийи Радҳи Шенаишил истеъфога чиқди, деб хабар берди «Championat.asia» нашри.
Нашрнинг socceriraq.net’га асосланиб маълум қилишича, Ироқ футбол ассоциацияси ҳамда мамлакат Олимпия қўмитасининг қўшма йиғилишида шундай қарорга келинган. Боиси Шенаишил Ироқ термасига ЖЧ—2018 чиптасини тақдим эта олмади.
Ироқликлар саралаш босқичи якунига 3 та тур қолганида олти жамоа орасида бешинчи бўлиб турибди. Бу эса етакчилар ҳисобланган Япония, Саудия Арабистони, Австралия каби термаларга етиб олиш имконини бермайди.
Шенаишилдан бўшаб қолган ўринга бразилиялик Маркос Пакета номзоди кўриб чиқилмоқда. У катта эҳтимол билан Ироқ термасини 2019 йил бўлиб ўтадиган Осиё кубоги сари тайёрлайди.
Маълумот учун, ЖЧ—2018 саралашидаги иштирокини давом эттираётган 12 мамлакатнинг учдан бири мураббийни истеъфога чиқариб улгурди. Ўзбекистон термасига қарши мағлубият сабаб Қатар ва Хитойда мураббий ўзгарган бўлса, кейинроқ БАА ФА Маҳди Алига чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйганди.
Изоҳ (0)