Вильнюсда Литва таълим вазирлиги томонидан таклиф этилган ва ҳукумат дастурига киритилган ўқув йилини икки ҳафтага узайтиришга қарши норозилик акцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Барчамиз кўпроқ дам олишни истаймиз, бироқ Литванинг келажаги ўқиш натижаларига ҳам боғлиқ. Афсуски, охирги натижаларга кўра, кўрсаткичларимиз тобора ёмонлашиб бормоқда, биз эса йилда 4 ой дам оламиз», — дея таъкидлади Литва таълим вазири Юргита Петраускене.
Акция иштирокчилари вазирнинг бу фикрларига қўшилмасликларини билдирмоқда.
«Ўқув йилининг узайтирилиши таълим сифатига умуман боғлиқ эмас. Масалан, Евроиттифоқ давлатлари орасида ўқув йили энг узун бўлган Испанияда ўқувчиларнинг муваффақият кўрсаткичлари биздан юқори эмас. Биз бу борада ўрталарда бўлсак керак», — дея маълум қилди акция қатнашчиси, таълим тизими ходимлари касаба уюшмаси аъзоси Гинтарас Капас.
Таълим вазирлиги биносида ўтказилган норозилик акциясида 400 га яқин киши иштирок этгани қайд этилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)