Вилоят ҳокимлигининг кичик мажлислар залида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 23-сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, соғлиқни сақлаш бошқармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар видеоселектор тарзида ўтган сессияни вилоятнинг барча туман ва шаҳар ҳокимликларидаги студияларда кузатди.
Ушбу сессияда Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Хўжаева қатнашди.
Сессия кун тартибидаги дастлабки масалада вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш ва янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг «Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари» доимий комиссияси раиси Дилбархон Мамажонованинг ҳисоботи эшитилди.
Вилоятда қишлоқ врачлик пунктлари сонини 283 тадан 150 тагача қисқартириш ва 88 та қишлоқ врачлик пункти негизида кундузги стационари мавжуд бўлган қишлоқ оилавий поликлиникаларини, қисқартирилаётган қишлоқ врачлик пунктлари негизида янги 37 та подстанцияни ташкил этиш ва уларда тез тиббий ёрдам тармоғини янада кенгайтириш, икки сменали иш тартибини жорий этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, қисқартирилиши кўзда тутилаётган қишлоқ врачлик пунктларида фаолият олиб бораётган 369 нафар кичик тиббий ходим, 262 нафар бошқарувчи ҳамда 333 нафар қоровулни иш билан таъминлаш мақсадида вилоят меҳнат бош бошқармасига маълумот берилди. Қишлоқ врачлик пунктларини ёш ва салоҳиятли мутахассислар билан таъминлаш мақсадида ихтисослашган олий ўқув юртлари битирувчилари билан уч томонлама шартномалар имзоланди.
Депутат ҳисоботида ёш шифокорлар учун хизмат уйларини қуриш ҳамда қуриладиган тиббиёт биноларининг лойиҳа-сметалари юзасидан ҳам маълумот берилди.
Кун тартибидаги иккинчи масала вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўтган уч ой давомида аҳолига тиббий хизмат кўрсатилиш таҳлилига бағишланди. Ушбу масала юзасидан бошқарма бошлиғи Одилжон Умаров ахборот берди.
Сессияда аҳолини сифатли, арзон дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан таъминлаш, дорихоналарда дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чегараланган нархларда сотилишини қатъий назоратга олиш борасидаги чора-тадбирлар кутилган ижобий натижаларни бермаётгани, бунда депутатларнинг масъулияти ва жавобгарлиги етишмаётганига танқидий баҳо берилди.
Сессияда вилоят ҳокимининг 2017 йил 31 мартдаги «Халқ депутатлари Фарғона вилояти ҳамда шаҳар, туман Кенгашлари депутатларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори депутатлар томонидан тасдиқланди.
Сессияда кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)