Санкт-Петербургда «Жабҳат ан-Нусра» ва ИШИД террорчилик гуруҳлари билан алоқадорликда гумонланаётган саккизинчи одам қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов қўмитаси Петербург бошқармаси сайтида маълум қилинди, деб ёзади «РБК».
Бошқарма 5 апрель куни террорчилик ҳаракатига кўмак беришда гумон қилинаётган еттинчи одамни ҳисбга олганлиги ҳақида маълум қилган эди. Аввалроқ терговчилар олти нафар гумонланувчини ҳибсга олган эди. Қўлга олинганларнинг барчаси асли келиб чиқиши Ўрта осиёликдир. Тезкор ходимлар томонидан уларнинг квартиралари тинтув қилинганда экстремистик адабиётлар мусодара этилган.
Терговчилар маълумотига кўра, қўлга олинганлар 2015 йилнинг ноябридан бошлаб Санкт-Петербургда террорчилик жиноятларини содир этиш ҳамда «Жабҳат ан-Нусра» ва ИШИД фаолиятига жалб этиш учун келиб чиқиши Ўрта осиёлик фуқароларни ёллаган. Улар, шунингдек, ёлланаётган фуқароларни бошқа ноқонуний қуролланган тузилмалар, жумладан, чет элдаги тузилмаларга жалб этишга уринган.
Тергов қўмитаси хабарида, қўлга олинганларнинг Санкт-Петербург метросидаги теракт ижрочиси билан алоқалари ёки таниш эканлиги тўғрисидаги маълумотларга эга эмаслиги таъкидланади.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)