Франция президенти Франсуа Олланд Идлибдаги кимёвий ҳужум туфайли Сурия ҳукуматига қарши санкциялар жорий қилишга чақирди. Бу ҳақида Frans Press агентлигига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«Франциянинг талаби тергов ишларини бошлаш учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши яқин вақтлар ичида қарор қабул қилиши, натижада Сурия тузумига нисбатан санкция жорий қилинишидан иборат», — дейди Олланд.
Сурия мухолифат ва инқилоб миллий коалиция кучлари (НКОРС) 4 апрель, сешанба куни Идлиб вилоятидаги Хан-Шейхун шаҳрига кимёвий қуроллар ёрдамида ҳужум қилиниши оқибатида 80 киши ҳалок бўлгани ҳамда 200 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди.
Мухолифатчилар ҳужум учун жавобгарликни Сурия ҳукумат қўшинлари зиммасига юклаган. Сурия армияси қўмондонлари ўз номларига йўлланган айбловни бутунлай рад этди ва жавобгарликни жангарилар ҳамда уларнинг ҳомийларига юклади.
Россия Мудофаа вазирлиги Сурия армияси Идлиб вилоятининг Хан-Шейхун аҳоли пункти атрофидаги террорчиларнинг қурол-аслаҳа омборига авиазарба бергани ҳақида хабар қилган эди. У ерда Ироққа етказиладиган кимёвий қурол захиралари бўлган.
Аввалроқ, Сурия президенти Башар Асад Сурия ҳукумати ўз халқига қарши оммавий қирғин қуролларидан, жумладан, кимёвий қуроллардан фойдаланмаганини маълум қилган эди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)