Бироз вақт аввал Тошкент аҳолиси собиқ Эко-боғ ҳудудида баъзи ўзгаришлар юз бераётганлигига эътибор қаратди. Боғ ҳудуди атрофи ўралганлиги ва у ерда қурилиш ишлари олиб борилаётганлигини тез-тез кўриш мумкин.
Баъзи фуқароларда бу ҳаракатлар «Янги боғ ўрнида нима бўлади?» деган ташвишли саволни юзага келтирди. Наҳотки барча дарахтлар кесиб ташланса? «Дарё» мухбирлари бу саволларга жавоб топиш мақсадида қурилиш ҳудудига йўл олди.
Байрам куни боғда мухбирларни карнай ва сурнай садолари, палов ва сумалакнинг ёқимли ҳиди ҳамда байрам ярмаркаси қарши олди. Янги боғ қурилиш бошқармаси раҳбари Бахтиёр Саидов бизни қизиқтирган саволларга жавоб беришга рози бўлди.
- Фирмангиз боғ ҳудудини сотиб олганлиги ростми?
- Бизга тез-тез бу саволни беришади. Аслида Ўзбекистонда боғлар сотилмайди: улар Маданият ишлари бўйича давлат бошқармаси балансида бўлиб, ҳеч бир компания боғни шунчаки сотиб олиб, ундаги дарахтларни кесиб, у ерда, масалан, завод қура олмайди.
Яқинда «Бобур» номидаги боғ деб қайта номланган мазкур жойга келсак, уни ободонлаштириш компаниямизга ишониб топширилди. Компаниямиз эса архитектуравий режа ишлаб чиқди ва уни яқин муддатларда амалга ошириш мажбуриятини олди. Янгиланган боғнинг очилишини жорий йилнинг 1 июнига белгилаганмиз.
- Ҳудудни қурилиш ишлари учун очиш дарахтларнинг бир қисмини кесишни талаб қилса керак?
- Ҳозирги пайтда боғ ҳудудида 4 300 та дарахт, жумладан, Япония элчихонаси томонидан ҳадя қилинган сакуранинг 29 тури ўсмоқда. Зинҳор уларни кесиш ниятимиз йўқ — аксинча, уларни сақлаб қолиш ва қўшимча беш мингга яқин ўсимлик экишни режалаштирмоқдамиз.
Қурилиш режаси кўп йиллик дарахтлардан ҳеч бирини қурбон қилмасликни кўзда тутган ҳолда ишлаб чиқилди. Қурилишга халақит берувчи кичикроқ дарахтлар кўчириб ўтқазилади. Фақат кекса ҳамда ташриф буюрувчилар учун хавфли хаста дарахтларгина кесиб ташланади.
- Пойтахт аҳолиси ва унинг меҳмонларини янгиланган боғда нималар кутади?
- Биз боғни аттракционларга эга шовқинли ҳудудга айлантирмасликка қарор қилдик, улар пойтахтда шусиз ҳам етарли. Бу ерда ижтимоий, оилавий боғ: дам олиш, болалар билан сайр қилиш ва очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиш мумкин бўлган жойни яратиш концепцияси татбиқ этилади.
Югуриш ва вело-йўлакчалар учун кесишмайдиган йўлаклар кўзда тутилади. Бундан ташқари, боғ марказида мини-футбол, пляж волейболи, бадминтон ва йога билан шуғулланиш учун тўлиқ жиҳозланган учта спорт зонаси, шунингдек, жамоат тренажёрлари ташкил этилади. Тренажёр ва йўлаклардан бепул фойдаланиш мумкин, спорт майдончалари эса тартибсизликларнинг олдини олиш мақсадида назорат қилинади.
Бундан ташқари, соғлом ҳаёт тарзига амал қилувчилар учун оилавий кафе ишга тушади, боғ марказида эса тўй фотосессиялари ва бошқа кундузги тадбирларни ўтказиш мумкин бўлган ҳудуд барпо этилади.
- Аввал ушбу ҳудудда Эко-боғ бор эди. Ушбу концепция сақлаб қолинадими?
- Боғ максимал даражада экологик бўлиб қолишини истаймиз. Боғ ичкарисида минг квадрат метр майдонда фақат табиий ёғочдан ишланган болалар майдончаси барпо этишни режалаштираяпмиз. Шунингдек, «Локомотив» боғидаги каби «Арғамчи шаҳарчаси»ни барпо этиш режаларимиздан жой олган.
- Боғга кириш пуллик бўлса керак?
- Боғга кириш барча учун текин бўлади. Вазифамиз — Нью-Йоркдаги Марказий боғ каби барча истовчилар учун очиқ бўлган ижтимоий боғ очиш.
- Сизга омад тилаймиз! Боғ очилишини сабрсизлик билан кутиб қоламиз!
Реклама ҳуқуқи асосида
Изоҳ (0)