Австралия шарқида жойлашган Квинсленд штати расмийлари «Дебби» циклони яқинлашаётган шимолий соҳилбўйи туманлардан аҳоли эвакуациясини якунламоқда. Бу ҳақда штат ҳукумати раҳбари Анастасия Палашчук маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Яна бир неча соатдан сўнг эвакуацияга кеч бўлади», — деб таъкидлади у. Штат маркази Брисбен шаҳридан шимолда жойлашган хавфли ҳудудлар аҳолисини чиқариб кетишда ёрдам кўрсатиш учун мингдан ортиқ қутқарув хизмати ходими ва ҳарбий хизматчи жалб этилди.
Ҳозирги пайтда «Дебби» океанда Австралия соҳилидан, тахминан, 300 километрда бўлиб, аста-секин қитъага яқинлашмоқда.
«Дебби» қирғоқ чизиғини 28 март, сешанба куни маҳаллий вақт бўйича тонгда кесиб ўтиши кутилмоқда. Эҳтимоли юқори бўлган сценарийга кўра, унинг эпимаркази саккиз мингга яқин аҳоли истиқомат қилувчи Эйр шаҳрида қирғоқ чизиғини кесиб ўтади. Ундан 110 километр жанубда Боуэн шаҳарчаси (ўн мингга яқин аҳоли), 90 километр шимолда эса Таунсвилл шаҳри (180 мингдан ортиқ аҳоли) жойлашган.
Изоҳ (0)