АҚШнинг Висконсин штатида юз берган отишма оқибатида тўрт киши, жумладан, полициячи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Эверест округи полиция раҳбари Уолли Спаркс маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Унинг сўзларига қараганда «маиший можаро» юзага келган ва у отишма билан якун топган. Гап бир неча дақиқа оралиғида юз берган учта ҳодиса ҳақида бормоқда.
Спаркснинг маълум қилишича, Ротшилд шаҳри полициясига банклардан бирининг маҳаллий бўлимида можаро келиб чиққанлиги ҳақида хабар келиб тушган. Шундан сўнг қутқарув хизматига айнан ўша банкда отишма юз берганлиги ҳақида маълум қилинган. Тартиб қўриқчилари ҳодиса жойига етиб келганда босқинчи яширинишга улгурган.
Бир неча дақиқадан сўнг қўшни Скофилдда яна икки отишма содир бўлган. Улардан бири юридик фирма, кейингиси турар-жойда юз берган.
Уолли Спаркс ҳодиса тафсилотлари ва ҳалок бўлганлар исмларини ошкор этмади. У, шунингдек, ҳодисалар ўртасида қандай боғлиқлик борлигини маълум қилишдан бош тортди ва мазкур иш бўйича бир нафар гумонланувчи қўлга олинганлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)