Қатор дунё мамлакатлари — Хитойдан тортиб Чилигача 150 мамлакатга гўшт экспорт қиладиган Бразилиядан гўшт маҳсулотларини импорт қилишни тўхтатиб ёки чеклаб қўймоқда. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Давлатларнинг ушбу қарорига бразилиялик ишлаб чиқарувчиларнинг янги бўлмаган маҳсулотни сотаётгани билан боғлиқ можаро марказида қолгани сабаб бўлди.
Гўшт маҳсулотлари чеклови бўйича қарор, энг аввало, мол ва товуқ гўштлари билан боғлиқ.
19 март куни Хитой ҳукумати 19 мартдан бошлаб вақтинча Бразилия гўштини импорт қилишни тўхтатиб қўйган эди. 21 март кун ярмига келиб, Хитойдан ташқари, Европа Иттифоқи ва Чили гўштни сотиб олишни чеклагани маълум қилинди. Сингапур ҳукумати Бразилия гўшт маҳсулотларини эътибор билан назорат қилаётганини айтди.
Шу билан бир вақтда, Жанубий Корея Бразилия мамлакатга ҳеч қачон қониқарсиз сифатга эга товуқ гўштини етказмаганига ишонч ҳосил қилиб, BRF SA компаниясининг паррандачилик маҳсулотларини сотиб олишга қўйилган тақиқни олиб ташлади.
Ўтган ҳафта Бразилия ҳукумати мамлакатнинг йирик гўшт ишлаб чиқарувчилари BRF ва JBS’га нисбатан тафтиш ишлари бошланганини маълум қилди. Тафтиш ишлаб чиқарувчилар томонидан мансабдор шахсларга айниган гўштни сотишга рухсат бериши учун пора берилгани ҳақидаги ахборот туфайли бошланди. Шунингдек, прокуратура сосиска ва колбаса маҳсулотларига стандартларга кўра қўшилмаслиги керак бўлган гўшт қисми ҳамда картон ва кислота (айниган гўштнинг ҳидини йўқотиш учун) қўшилганини таъкидламоқда.
Тергов доирасида 30 дан зиёд киши ҳибсга олинди. Полиция гўштни қайта ишловчи 10 дан зиёд муассасани тинтув қилди.
Изоҳ (0)